Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Нега эътиқодли одамдан ҳайиқамиз?

Нега эътиқодли одамдан ҳайиқамиз?

Одамзод учун ҳаётда энг қимматли нарса нима? Бойликми? Йўқ! Ҳаётга разм солсангиз, бойлик бахт калити бўлолмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Бойлик топган-у, аммо умр мазмунини топа олмай ҳалак юрган давлатмандлар қанча атрофимизда…

Мансабми? Бу ҳам эмас. Амал инсонга бахт ато эта олмаслигига ҳам ҳаётий мисоллар етарли. Қолаверса, эскилар мансаб ва амални бир лаҳза бошга қўниб ўтадиган бахт қушига ўхшатгани ҳам бежизмас. Обрў, шон-шуҳрат деб аталган, хаёлимизни ҳар дам ўғирлайдиган арзонбаҳо марралар ҳам аслида умримиз мазмунини белгилаб бера олмайди. Унда, инсон учун энг қадрли бойлик нима дерсиз...

Лев Толстойни яхши биласиз. Ҳа, ўша бўй баравар китоблари билан жаҳонга танилган, «Уруш ва тинчлик», «Анна Каренина»лари билан тилга тушган мутафаккир ёзувчи. Толстойнинг ҳаёти худди асарлари каби ибратга тўла. Агар бахт деганлари бойлик, иззат ва давлат билан маънодош бўлганида эди, Лев Толстой ўзини курраи заминнинг энг саодатманд кишиси деб баралла эълон қилмоғи мумкин эди. Бадавлат, бунинг устига кимсан аслзода граф, соясига салом берадиганлар сон мингта! 

Яратган обрў-эътибору истеъдоддан ҳам қисмаган, бутун рус жамиятида айтгани айтган, дегани деган. Аммо ҳаётдан лаззатланиш учун шунча имкониятлар бўлишига қарамай, Лев Толстой умри давомида нимадир етишмаётгани, тўкис ҳаётида недир бир камчилик борлигини ҳис қилиб яшади. Ўша – ҳаётини кемтик қилиб турган нарсани саросар қидирди, туну кун излади. Толстой бобо энг қадрли дея бутун умр қидирган ва алалоқибат топишга муваффақ бўлган бойлик... эътиқод эди.

Ҳар куни турфа феъл-атвор, турли тийнатдаги кишилар билан мулоқотда бўламиз. Шундай инсонлар борки, ўз фикри ва қарашига эга, атрофдагиларни ҳам ортидан эргаштира олади. Шамол қаёқдан эсса, шу томонга эгилиб кетавермайди, буқаланмундек товланмайди, тусланмайди. Букилади, аммо синмайди! Бошига қилич келса-да, ўз эътиқодида собит туради. Бундай инсонлар кўп эмас, деган эътирозингиз ўринли. Лекин омадингиз чопиб, шундай собитқадам киши билан суҳбатлашиб қолсангиз, ўзингизни тетиклашгандек ҳис қиласиз, ундан ҳаётий қувват олгандек бўласиз. Бу – инсон учун суву ҳаводек зарур эътиқоднинг кучи ва жозибаси!

Таассуфки, беш қўл баробар эмас. Энг қадрли маънавий бисотини ҳам сотишга тайёр, «қуллуқ» ва «хўп бўлади»ни севимли шиор деб билган одамлар билан ҳам юзма-юз сўзлашишга тўғри келади. Улар билан суҳбатлашганда эса кўнглингиз ғашланади. Агар озроқ бўш келсангиз, улардаги зарарли микроб юқиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу энди эътиқодсизлик, субутсизликнинг асорати, бемисл кулфати.

Бир зиёли инсонни биламан. Топгани қора қозонини қайнатишга аранг етади, аммо шунда ҳам қўли очиқ, саховатпеша, ўзи емаса-да, дўстларга илинади. Камбағал бўлса-да, нафси ва кўзи тўқ, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди, омонатдор. Номаъқул қилмишлар содир этганда виждонга «сув cепиш» воситаси бўлиб қолган «яшаш учун кураш» қоидасидан келиб чиқcак, у ҳаром йўл билан бўлса-да, муҳтожликка барҳам бериши керак. Бироқ у покиза ҳалқумини булғамайди. Ўзи эҳтиёжманд бўлса-да, хоҳишлар устидан ҳукм юргиза олган бу мард инсон айнан эътиқоддан куч олаётир.

Эътиқодни ўзига хос тарозига қиёслаш мумкин. Йўқ, у бизга бойлик ёки бошқа моддий буюмларни ўлчаб бермайди. У бизга амалга ошираётган ишларимизнинг қимматини баҳолаш, яхши ва ёмон, оқ ва қора сарҳадларини белгилашда кўмаклашади.

Эътиқод – инсонни тутиб турган ички устун. У бўлмаса, одам қулайди деяверинг! Эътиқодсиз кишини енгишдан осони йўқ. Эътиқодсиз инсоннинг кўнгли ўғри урган хонадондек ҳувиллаб ётади ва бу дунёда ундан-да нотавон, бахти қарони топиб бўлмас.

Психологлар «индивид» деб атайдиган одамни ҳазрати инсон мақомига кўтарадиган барча фазилатлар эътиқод асосига қурилади. Эътиқод вужудимиз дарахтининг илдизи бўлса, ижобий фазилатлар унинг шохчалари.

Эътиқод инсонга ақл бовар қилмас куч беради. Сизу бизга рамақижондек туюлган эътиқодли киши филдек кучга эга, аммо имон-ишонч неъматидан мосуво барзангидан қудратлироқ. Эътиқодли инсонни қўрқитиш, дўқ-пўписа, мажбурлов кучи билан у ишонган эзгу ғоядан қайтариб бўлмайди. Агар эътиқодлиман деб даъво қилаётган одам мажбурлов туфайли ундан воз кечса-чи? Билингки, унда ҳали эътиқод шаклланмаган, ишонч қарор топмаган. Негаки, эътиқодли одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз қарашларига содиқ қолади. Аммо бундай кишилар айни шу фазилатлари учун кўп озор чекишлари ҳам – аччиқ ҳақиқат.

«Ер Қуёш атрофида айланади» дея илмда инқилоб ясаган олимлардан бири италиялик Жордано Бруно эди. Одамзоднинг табиати қизиқ-да, ўзига ёқмаган фикр эшитса, дарров бўғгиси келади, бошқаларнинг фикрига тоқат қилишга жасорати етмайди. Ўша пайтда – 1590-йилларда ҳам «Ер айланади» деган фикр асрлар давомида ҳукмрон бўлиб келган даққи қарашларга тўғри келмас эди. Шу сабабли Жордано Бруно 1592 йилнинг май ойида шаккокликда айбланиб, ҳибсга олинади. 

У тўққиз йил давомида қамоқхонада аёвсиз қийноқлар, хўрликлар исканжасида қолади. Илмга тўғаноқ бўлган бир тўда руҳоний ниқобидаги шахслар қатъиятли олимнинг иродасини синдириш ва қарашларидан воз кечишга мажбурлаш учун барча қийноқларни ишга соладилар. Лекин Бруно ўз эътиқодига содиқ қолади. Жасур донишманд ўтда куйдириб, қатл этишга ҳукм қилинади. Олим гулханга ташланади. Ўшанда ҳам у «Ўтда ёқмоқлик – инкор этмоқлик эмас!» дея ўз қарашларига содиқ ҳолда жон таслим қилади.

Ёки ҳассос адибимиз Абдулла Қодирийнинг жасоратини эсланг. Зўравонликка асосланган, танаси қон билан суғорилган ёвуз тузумнинг шотирлари унинг бошида қилич ўйнатиб турганида ҳам, минг бир қийноқ усулларини қўллаганида ҳам, жонидан воз кечса кечдики, ҳаётий аъмоли деб билган эътиқодидан воз кечмади. «Мен ҳақиқат учун боши кетса «иҳ» дейдиган йигитлардан эмасман» деган эди қўрқув билмас адиб ўз қарашларини, миллат ва юрт эрки йўлидаги саъй-ҳаракатларини оқлар экан. Қодирий маслагига хиёнат қилмади, эътиқодига терс иш тутмади.

Ижодда ҳам, эътиқодда ҳам Абдулла Қодирий бўлиш мушкул, жуда ҳам мушкул. Ҳамма ҳам Жордано Бруно каби эътиқодга садоқат кўрсата олмайди. Аммо улуғ инсонлар ибрати барибир бизларни ҳам эзгу ишларни сабот билан давом эттиришга ундаши тайин.

Учқундан қўрққан темир бўлмайди, дейди қадимгилар. Келинг, биз ҳам ўзимизни тафтиш қилиб кўрайлик. Хўш, тўғри эътиқодда яшаяпмизми? Агар ушбу саволга ижобий жавоб олсангиз, дўппингизни осмонга отинг. Қониқарли жавоб ололмасангиз, зудлик билан ҳаётнинг асл мазмунини қидиришга киришинг. Акс ҳолда, донишмандлардан бири огоҳлантирган нохуш ҳодиса юз беради: эзгу эътиқодга кўра яшамаётган бўлсангиз, яшаётганингиз каби эътиқод қила бошлайсиз!

С.Салим


Манба: Xabar.uz

Киритилди: 05:00 04.09.2019. Ўқилди: 2567 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!