Бугун 27 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Навоийда фирибгарлик: 160 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитга ажратилган тикув машиналарини ким “ўмарди”?

Навоийда фирибгарлик: 160 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитга ажратилган тикув машиналарини ким “ўмарди”?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4231-сонли қарорига мувофиқ, аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини имтиёзли шартларда молиялаштиришни тизимли равишда давом эттириш, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида, лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда халқаро молия институтлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, яъни имтиёзли кредитлар ажратилиши белгилаб берилган.

Бундан ўзининг шахсий манфаатини кўзлаган Т.И., Навбаҳор туманидаги “Қалқон ота” маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси вазифасида ишлаб келаётганидан фойдаланиб, фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик жиноятини қуйидагича содир этган.

Т.И. дастлаб, ўзи ишлаб келган маҳалла ҳудудида яшовчи фуқаро Б.Г.нинг номига тикувчиликни ривожлантириш учун 14.000.000 сўм миқдорда имтиёзли кредит чиқариш мақсадида, ҳужжатларни унинг номидан имзолаб, банк орқали чиқарилган кредит ҳақида Б.Г.га маълум қилмасдан, кредит маблағларини нақдлаштириб, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Шунингдек, маҳалла мутахассиси Т.И. Навбаҳор тумани “Қалқон ота” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи жами 15 нафар фуқароларга, тикувчиликни ривожлантириш учун 3 йил муддатга, йиллик 8 фоиз устама тўлаш шарти билан имтиёзли кредит асосида бериладиган тикув машиналарини тарқатиб беришда тадбиркор Х.З.га ёрдам беришини айтиб, уни алдаб, ишончига кириб, тадбиркор томонидан фуқароларга тарқатиш учун келтириб берилган жами 146.500.000 сўмлик тикув машиналарини сотиб юбориб, пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Т.И.нинг жиноят иши 2020 йил 27 май куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилди. Судда Т.И. содир этган фирибгарлик жиноятини тан олган.

Суд томонидан Т.И.га, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, фуқароларга берилиши лозим бўлган тикув машиналари етказиб берилгани эътиборга олиниб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди ва 228-моддасининг 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45 ва 57-моддалари қўлланиб, ўзини-ўзи бошқариш органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 225 баравари миқдорида 50.175.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Б.Фармонов, Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири

                                                                                                      

Киритилди: 13:21 20.06.2020. Ўқилди: 1972 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!