Бугун 8 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

НАТОга аъзо тўрт давлат ва Европа Иттифоқи Россиянинг Жанубий Осетияни аннексия қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди

НАТОга аъзо тўрт давлат ва Европа Иттифоқи Россиянинг Жанубий Осетияни аннексия қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди

«7 август куни биз Россия империализмининг оғир оқибатларини ёдга оламиз. Айнан шу куни, 2008 йилда Россия Федерацияси Грузияга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаб, Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларини оккупация қилиш орқали мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига янада путур етказди», — дейилади Буюк Британия, Германия, Италия ва Франциянинг «беш кунлик уруш» бошланганининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилган қўшма баёнотида. Ушбу тўрт давлатнинг барчаси НАТО аъзоси ҳисобланади.

Баёнотда Россиянинг Жанубий Осетия «ҳокимиятлари» билан тузган келишуви халқаро ҳуқуқнинг «очиқдан-очиқ бузилиши» деб баҳоланган. Ҳужжат томонларнинг ҳуқуқий тизимларини «уйғунлаштириш» ва ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

«Ушбу ҳужжат, шунингдек, минтақа раҳбари этиб Россия фуқароси — Курчатов институтининг собиқ директори Марат Камболов тайинлангани ҳудуднинг тўлиқ аннексия қилиниши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу жавобсиз қолмайди», — дейилади қўшма баёнотда.

Европа Иттифоқи ҳам Москванинг Абхазия ва Жанубий Осетияни амалда Россиянинг ҳуқуқий ва хавфсизлик маконига интеграция қилишга қаратилган ҳаракатлари кучайганидан хавотир билдирди.

«9 май куни Москва ва Цхинвали ўртасида имзоланган “Иттифоқчилик ҳамкорлигини чуқурлаштириш тўғрисидаги келишув”, шунингдек, Россия амалдорининг Жанубий Осетия “президенти вазифасини бажарувчи” этиб тайинланиши халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳеч қандай юридик кучга эга эмас», — дейилади Европа Иттифоқининг 2008 йилги Грузия уруши бошланганининг йиллиги муносабати билан тарқатган баёнотида.

Киритилди: 22:43 07.08.2026. Ўқилди: 1120 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!