Келгуси ҳафта НАТО ядро қуролини қўллашга алоқадор кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказади. Аввалроқ Шимолий альянс давлатлари Россия билан чегара ҳудудларда жанговар дронларни жойлаштириш режасини эълон қилганди. Кўрилаётган бу каби кескин чоралар Россиянинг ошиб бораётган таҳдидига жавоб ўлароқ баҳоланмоқда.
13 октябрь куни Нидерландияда НАТОнинг ядро тийиб туришига доир ҳарбий машғулотлари бошланади. Steadfast Noon деб аталган дастурда 14 давлат 71 та самолёт билан қатнашади. Машғулотларга Tornado ва Eurofighter қирувчи самолётларидан ташқари АҚШнинг F-35 учоқлари ҳам жалб этилади.
Ушбу ҳарбий машғулотлар Европа ҳаво ҳудуди дахлсизлиги Россияга тегишли деб гумон қилинаётган дронлар томонидан кўп бора бузилиши ортидан ўтказилмоқда. НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам ядро тийиб туриш тизими ишончлилигини кўрсатиш орқали эҳтимолий рақибга аниқ-тиниқ сигнал йўллаш кўзда тутилганини айтган.
Бир неча кун аввал НАТО Россиянинг провокацион ҳаракатларига жавобан сарҳадларда жанговар дронлар жойлаштирилишини маълум қилганди. Ҳарбий иттифоқ Россиянинг жанговар фаоллигини ўрганиш учун разведка дронларини ишга солиш, шунингдек, шарқий сарҳадларда кузатув олиб бораётган учувчиларга таҳдид туғдирадиган объектларни уриб тушириш ваколатини беришни муҳокама қилмоқда.
Сўнгги вақтларда Россия НАТО давлатларига нисбатан ҳарбий провокациялар уюштираётгани айтилмоқда.
Яқинда Россиянинг МиГ-31 қирувчи учоғи Эстония ҳаво ҳудудида 12 дақиқа давомида бўлгани хабар қилинганди.
Бир ой аввал эса Россиянинг 20 га яқин дрони Польша ҳудудини бузиб кирган. Финляндия, Латвия, Литва, Норвегия ва Руминия ҳаво ҳудуди ҳам шу тариқа бузилган.
Дронлар хуружи сабаб НАТО давлатларидаги бир қатор аэропортлар фаолияти издан чиққан.
Ушбу ҳодисалар ортидан НАТО берган баёнотда иттифоқчи давлатлар ҳаво ҳудудини бузганлик учун тўлиқ жавобгарлик Россия гарданида экани таъкидланган.
“НАТО ва унинг иттифоқчилари ўз-ўзини мудофаа этиш ва ҳамма йўналишларда ҳар қандай таҳдидларга жавоб бериш учун барча ҳарбий ва ноҳарбий чораларни ишга солишига Россия шубҳаланмаслиги керак”, – дея Кремлни провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирган эди НАТО раҳбарияти 23 cентябрь куни.
Россия томони дронлар ҳужумига алоқадорлигини рад этган.
«Турли гибрид ва яширин ҳаракатлар, жумладан, киберҳужумлар, дронлар ҳамласи ёки муҳим инфраструктура объектлари фаолиятини тўхтатишга уринишларга жавоб бериш учун НАТО ўз иттифоқчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мақсад – (душманни) тийиб туриш ва (сарҳадларни) ҳимоя қилиш бўйича кафолатланган чораларни кўриш. Биз воқеалар ривожига кўра вазиятга мослашишда давом этамиз», – деган НАТО расмий вакили Newsweek нашрига берган интервьюсида.
Эндиликда НАТО давлатлари Москва таҳдидига шунчаки баёнотлар билан эмас, амалий ҳаракат билан жавоб беришга ўтмоқда. Айни чоқда, ҳарбий альянс давлатлари бу борада якдил эмаслиги, айрим давлатлар ядро қуролига эга Россия билан тўғридан-тўғри ихтилофни алангалатмасликни маъқул кўраётгани айтилмоқда.
Европа парламенти ҳам 9 октябрь куни Европа Иттифоқи ҳудудини бузиб кирган Россия дронлари ва учоқларини уриб туширишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Қонун лойиҳасини 469 депутат қўллаб-қувватлаган бўлса, 97 нафари рад этган. 38 қонун ижодкори овоз беришдан тийилган.
Қонун ҳужжатида Мосванинг хатти-ҳаракатлари «давлат томонидан терроризмни дастаклаш» дея қораланган. Сарҳадлар бўйлаб дронлар деворини барпо этиш муҳимлиги ҳам таъкидланган.
Россия ва НАТО ўртасидаги таранглик тобора кучаймоқда.
Жорий йил 12-16 сентябрь кунлари Россия Беларусь билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилди. Жараёнга ҳарбий формада кийган Путин бошчилик қилди.
Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.
Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.
Олдинроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.