Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Насос станцияларининг номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилди

Насос станцияларининг номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 587-сон қарори билан Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 1 348 та насос станциясининг номи давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди, 390 та насос станциясига эса янги ном берилди.

«Давлат тили ҳақида»ги ва «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ қабул қилинган қарор насос станцияларини номлашда давлат тили талабларига риоя этиш, уларнинг номларини расмий ҳужжатлар ва кундалик иш юритишда бир хил қўллашни таъминлашга қаратилган.

Янги ном берилган станциялар орасида «Перекачка», «Авангард», «Волчи», «Учхоз», «Шитовой» каби номлар билан юритилган объектлар ҳам бор. Эндиликда улар ҳудуднинг жой номлари ва ўзбек тилига мос номлар билан аталади.

Жумладан, Тошкент вилояти Бекобод туманидаги «Перекачка-1» ва «Перекачка-2» насос станциялари «Бекобод» ва «Бекобод-2», «Авангард» — «Олтин водий», «Волчи» эса «Тўқайзор» деб номланди.

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги «Учхоз» насос станциясига «Бозорбоши», «Сигма-1к.» ва «Сигма-2к.» станцияларига «Равот» ва «Равот-2» номлари берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги «Шитовой» — «Оққум», «Ферма» — «Узумбоғ», «Дача» эса «Халқобод» деб қайта номланди.

Шунингдек, ҳарф ва рақамлар бирикмаси билан юритилган айрим станциялар ҳам янги ном олди. Масалан, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги «М-4-М-4а» насос станцияси «Турон», Нишон туманидаги «М-1» эса «Гулистон» деб номланди.

Қарорга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, иш юритиш ҳужжатлари ҳамда хизмат ёзишмаларида тасдиқланган номлардан фойдаланилади. Сув хўжалиги вазирлиги Кадастр агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда насос станцияларидаги пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувлар ҳам давлат тили меъёрларига мувофиқ, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилади.

Киритилди: Бугун 11:35. Ўқилди: 182 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!