Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилмоқда.
Эндиликда ноқонуний нарколабораториялар ташкил этиш, наркотиклар савдосига раҳнамолик қилиш, бангихоналар ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, 10 дан ортиқ хавфли жиноятлар бўйича жазо чоралари кучайтирилади.
Тақдимотда “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, унда гиёҳвандликка қарши курашнинг 7 та устувор йўналиши, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга чек қўйиш, ёшлар ва хотин-қизларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш, профилактика ва реабилитация тизимини такомиллаштириш масалалари назарда тутилгани қайд этилди.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганларга транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш оқибатида юз бераётган оғир ҳолатларнинг олдини олиш ва бу борадаги жавобгарликни кучайтириш юзасидан таклифлар ҳам маъқулланди.
Президентимиз гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни ушбу иллатдан асраш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.