Уммон соҳиллари яқинида бортида 24 нафар ҳинд денгизчиси бўлган кемага АҚШ ҳарбийлари томонидан зарба берилгач, Ҳиндистон АҚШнинг Нью Деҳлидаги элчихонаси юқори мартабали вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар бермоқда.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, АҚШ элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари Жейсон Микс билан учрашув ўтказилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) 10 июнь куни Уммон кўрфази орқали Эрон нефтини ташиётган, Палау байроғи остида ҳаракатланган Settebello танкерига аниқ зарба берганини маълум қилган. АҚШ томони кеманинг экипажи ҳарбийларнинг кўрсатмаларига бўйсунмаганини иддао қилмоқда.
Британиянинг денгиз савдоси операциялари агентлиги маълумотига кўра, кимёвий маҳсулотлар ва нефть ташишга мўлжалланган танкер Уммоннинг Соҳар портидан тахминан 37 километр шимоли-шарқда двигатель бўлимида ёнғин чиққанини хабар берган.
Фавқулодда сигналга жавобан Уммон ҳарбий-денгиз кучлари қутқарув ишларини бошлаган.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги 24 нафар денгизчидан 21 нафари қутқарилганини, яна уч нафар ҳинд фуқароси бедарак йўқолганини маълум қилди. Расмий Нью Деҳли ҳодисани қоралаб, минтақада фуқаролик инфратузилмаси ва тижорий кемаларга ҳужумларни тўхтатишга чақирди.
“Уммондаги элчихонамиз вазиятни диққат билан кузатмоқда ва қидирув-қутқарув амалиёти бўйича Уммон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Минтақадаги тижорий кемалар ва фуқаролик инфратузилмасига қаратилган ҳужумлар тўхтатилиши керак”, дейилади вазирлик баёнотида.
Нашрнинг таъкидлашича, ҳодиса АҚШнинг Эронга қарши денгиз блокадаси атрофидаги ҳуқуқий ва ахлоқий баҳсларни янада кучайтириши мумкин. Шунингдек, экспертлар фикрича, бу воқеа сўнгги ўн йилликлардаги энг мураккаб даврни бошдан кечираётган Ҳиндистон–АҚШ муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Мухолифат партиялари Ҳиндистон ҳукуматидан Вашингтонга нисбатан қатъийроқ позиция билдиришни талаб қилмоқда.