Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун АҚШ ва Мексикага сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга мурожаат билан чиқди.
ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг таъкидлашича, сафар олдидан мезбон давлатларнинг виза ва миграция талабларини пухта ўрганиш, барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ҳамда уларнинг амал қилиш муддатини текшириб қўйиш лозим.
Шунингдек, паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг асл нусхалари билан бир қаторда уларнинг электрон ва қоғоз кўчирмаларини ҳам сақлаш, маҳаллий қонунчилик ва жамоат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилган.
Вазирлик фуқаролардан ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан режалаштириш, расмий транспорт ва ахборот хизматларидан фойдаланиш, одамлар гавжум жойларда эҳтиёткор бўлиш ҳамда рухсат этилмаган оммавий тадбирларда иштирок этмасликни сўради.
Фавқулодда ҳолатлар, ҳужжатларни йўқотиш ёки бошқа муаммолар юзага келганда маҳаллий тезкор хизматлар ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш тавсия этилди.
ТИВ ўзбекистонлик мухлисларни миллий терма жамоани муносиб қўллаб-қувватлашга, мезбон мамлакатлар қонун-қоидалари, маҳаллий анъана ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.
Вазирлик таъкидлашича, Жаҳон чемпионати каби йирик халқаро мусобақалар даврида Ўзбекистон ва унинг фуқароларига бўлган эътибор ортади. Шу сабабли ҳар бир ватандош хорижда нафақат мухлис, балки мамлакатнинг муносиб вакили сифатида ҳам ўзини намоён этиши муҳим ҳисобланади.