Намибиянинг амалдаги вице-президенти Нетумбо Нанди-Ндаива 27 ноябрь куни бўлиб ўтган давлат раҳбари сайловида ғалаба қозонди. Бу ҳақда сайлов комиссияси бюллетенларни санаш якунлангач маълум қилди.
Мамлакат тарихида биринчи марта бу лавозимни аёл киши эгаллайди. У февралда Хаге Гейнгоб саратон касаллигидан вафот этганидан кейин президент сифатида қасамёд қилган Нанголо Мбумбани ўрнини эгаллайди.
Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз беришда иштирок этганларнинг 57 фоизи Нанди-Ндайтва хонимга овоз берган. Сайловда 15 нафар номзод иштирок этган. Биринчи турда ғалаба қозониш учун овозларнинг ярмидан кўпи ва битта овоз керак эди.
Нетумбо Нанди-Ндаива 72 ёшда. У СССРда ўқиган ва у ерда “Коммунистик ёшлар ҳаракати иши ва амалиёти” мутахассислиги бўйича диплом олган. Кейинги йилларда сиёсатчи турли давлат лавозимларида ишлаган ва парламент депутати бўлган.