Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғрилик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланади.
Икки нафар фарзанднинг отаси бўлиб, 47 ёшида 3 марта судланишга улгурган судланувчи Б.Воҳидов (шахси шартли) хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, жорий йил 12 май куни Чуст шаҳридаги “Чуст Деҳқон бозори” ичида жойлашган ёғ сотиш дўкони олдида, Ж.Закировани ушбу жойда савдо қилиб турганидан ва унинг сумкаси қаровсиз қолганидан фойдаланиб, ушбу сумка ичида бўлган аёллар кармони ва 1.740.000 сўм миқдоридаги пуллар, Ж.Закирова ва унинг ўғлига тегишли бўлган фуқаролик паспортлари, кредит учун қилинган тўловлар квитанциясини яширин равишда талон-тарож қилган.
Бундан ташқари, Б. Воҳидов такроран, 2022 йил 14 май куни Чуст шаҳридаги “Чуст Деҳқон бозори” ёнида бўлган аёллар кийим кечаклари сотиладиган дўконга кириб, Х. Шоева ўзига кийим танлаётганидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган сумка қаровсиз қолганлигидан фойдаланиб, ушбу сумка ва уни ичида бўлган икки дона “J-3 ва J-4” русумли телефон аппаратлари, бир дона нархи 500.000 сўмлик кумуш узуг, бир дона нархи 200.000 сўмлик механик соат, бир дона нархи 70.000 сўмлик болалар сумкаси, уни ичида нархи 250.000 сўмлик ёш болалар кийим кечаклари, бир дона нархи 20.000 сўмлик аёллар сумкаси, уни ичида 1.700.000 сўм пуллар, 60.000 сўмлик дори-дармонлар, икки дона фуқаролик паспорти ва бир дона болалар пластик картасини яширин равишда талон-тарож қилганлиги аниқланди.
Суд, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, тарафларнинг музокара сўзларини, судланувчининг ҳимоя ва охирги сўзини тинглаб, ишдаги далилларни ҳар томонлама тўла ва объектив тарзда текшириб, муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 37-бандида қонунга мувофиқ, судлар, нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олишлари лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Суд, судланувчи Б.Воҳидовга нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноят бўйича айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланганлигини инобатга олиб, унга нисбатан у айбланаётган моддалар санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Авазбек Инамов,
жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси