Мюнхен прокуратураси Европа Иттифоқининг санкция чекловлари билан боғлиқ Германия ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисидаги қонунни бузганликда гумон қилиниб, тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан терговни тўхтатди. Бу ҳақда ТАССга тадбиркорнинг адвокатлари маълум қилди.
Гап 2022 йилда Бавариядаги кўчмас мулкни қўриқлаш хизматлари учун хорижий компаниялар орқали тўлов амалга оширилиши, шунингдек, Федерал иқтисодиёт ва экспорт назорати департаментида мулкий бойликларни декларация қилиш талабларига риоя этилмагани ҳақида бормоқда.
2024 йилда иккала эпизод ҳам дастлабки терговга бирлаштирилди.
Усмоновнинг адвокатлари тадбиркорнинг юқорида кўрсатилган компаниялар билан алоқаси йўқлигини ва унга нисбатан санкция қоидалари қўлланилмаслигини таъкидлаб, барча гумонларни кетма-кет рад этишди.
Тергов суд билан келишилган ҳолда ва Усмоновнинг розилиги билан Германия Жиноят-процессуал кодексининг муайян шартлар бажарилган тақдирда ишни тугатишни назарда тутувчи 153а-моддаси тартибида тугатилган.
Келишув доирасида тадбиркор хайрия мақсадлари учун ихтиёрий бадал ўтказди.
Прокуратуранинг таъкидлашича, худди шу гумонлар бўйича терговни қайта тиклаш истисно қилинган ва Усмоновнинг айбсизлик презумпцияси сақланиб қолмоқда.