Мьянмада "Яги" тўфони сабаб бўлган сув тошқинлари оқибатида камида 293 киши ҳалок бўлди, яна 89 киши бедарак йўқолди.
Бу ҳақда The Mirror нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, сув тошқини бутун мамлакат бўйлаб вилоятлар ва штатлардаги ўнлаб шаҳарларни, жумладан, Нейпитаунинг Иттифоқ ҳудудини қамраб олган. Нашрнинг қайд этишича, пайшанба куни эрталабки ҳолатга кўра, жами 161 мингдан ортиқ одам сув тошқини қурбонлари учун 425 та бошпанада бўлган.
Сув тошқинлари натижасида 310 минг гектардан ортиқ экин майдонлари сув остида қолган, 129 минг 150 бош чорва моллари нобуд бўлган.
Мамлакат ҳукумати ва қутқарув ташкилотлари маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда сув тошқинидан жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсаларни етказиб бериш бўйича иш олиб бормоқда.