Ҳозирги маълумотларга кўра, Мьянмадаги кучли зилзила оқибатида жами 1644 киши ҳалок бўлган, 3408 киши жароҳатланган, 139 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда 29 март оқшомида мамлакат Давлат маъмурий кенгаши ахборот гуруҳи маълум қилди. Мьянмада 28 март куни 7,7 магнитудали зилзила содир бўлган. Силкинишлар қўшни мамлакатларда ҳам сезилган.
Мьянма радио ва телевидениеси маълумотларига кўра, Мьянма иттифоқи республикаси Давлат маъмурий кенгаши раиси ва бош вазири Мин Аунг Хлаинг жиддий зарар кўрган ҳудудларни кўздан кечириш учун 29 март куни эрталаб вертолётда Мандалайга учган. Бир кун аввал у халқаро ҳамжамиятни Мьянмага ёрдам беришга чақирган эди.