Бугун 19 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Мусулмонларни камситган мухлислар сабаб Испания терма жамоаси жазога тортилди

Мусулмонларни камситган мухлислар сабаб Испания терма жамоаси жазога тортилди

Испания терма жамоасининг Мисрга қарши ўртоқлик учрашувида юз берган можаро мамлакат футбол федерацияси учун интизомий жазо билан якунланди. ФИФА мухлисларнинг диний камситиш руҳидаги ҳайқириқлари сабаб Испания футбол федерациясини 20 минг доллар жаримага тортди. Шунингдек, миллий жамоанинг навбатдаги ўртоқлик баҳсида трибуналарнинг бир қисми томошабинлар учун ёпилади.

Можаро март ойида Барселона яқинида жойлашган «Эспанёл» клубига қарашли «РCДЕ» стадионида содир бўлган. Учрашув вақтида маҳаллий ишқибозларнинг айримлари «Ким сакрамаса, ўша мусулмон» деган шиорни такрорлашган. Ҳайқириқлар иккинчи бор янграганидан кейин стадион сухандони томошабинларга огоҳлантириш билан мурожаат қилган. Кейин эса катта экранларда ҳар қандай камситишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги хабар пайдо бўлган.

Испания миллий жамоаси етакчиларидан бири Ламин Ямал ҳам воқеага муносабат билдириб, бундай хатти-ҳаракатларни кескин танқид қилган. Мусулмон динига эътиқод қилувчи футболчи мухлисларнинг бу қилмишини ҳурматсизлик ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳолаб, шиорларни айтганларни «жоҳил ва ирқчилар» деб атаган.

Воқеадан сўнг Испания полицияси ва ФИФА интизомий органлари текширув бошлаган. Мамлакат футбол федерацияси эса ўзини ҳимоя қилиш жараёнида «мусулмон» атамасининг ўзи ҳақоратли мазмунга эга эмаслигини таъкидлаган. Федерация ушбу ишни камситиш ва ирқчиликка оид 15-модда асосида эмас, балки сиёсий ҳамда диний мазмундаги билдиришларни тартибга солувчи 17-модда бўйича баҳолашни талаб қилган.

Бироқ ФИФА Испания томонининг бу далилларини қабул қилмади. Халқаро футбол ташкилотига кўра, муайян ҳаракатни камситиш деб баҳолаш учун унда бевосита ҳақоратли сўзлар бўлиши шарт эмас. Агар ибора муайян гуруҳни масхаралаш ёки таҳқирлаш мақсадида ишлатилса, у интизомий қоидаларнинг бузилиши ҳисобланади.

Шу тариқа, Испания футбол федерацияси зиммасига 20 минг долларлик жарима солинди. Бундан ташқари, терма жамоанинг келгуси ўртоқлик учрашувида стадион сиғимининг камида 15 фоизига тенг трибуналарни мухлислар учун ёпиш мажбурияти юклатилди.

Киритилди: 23:36 18.10.2026. Ўқилди: 261 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!