The Washington Post нашри Исроил Эронга авиаҳужум уюштиришдан олдин қандай қилиб мамлакатнинг ҳаво мудофаа тизимини ва ракета қурилмаларини ишдан чиқарганини очиқлади.
Манбаларнинг маълум қилишича, Исроил бир неча ой мобайнида махфий равишда Эронга юзлаб портловчи моддалар билан жиҳозланган квадрокоптерлар учун эҳтиёт қисмларни — чемоданлар, юк машиналари ва контейнерлар орқали олиб кирган. Шунингдек, масофадан бошқариладиган платформалар орқали ишга тушириладиган ўқ-дорилар ҳам юборилган.
Жойлардаги агентлар портловчи қурилмаларни йиғиб, уларни махсус гуруҳлар ўртасида тақсимлашган. Гуруҳ раҳбарлари учинчи давлатларда тайёргарликдан ўтказилган, кейин эса улар ўз жамоаларини ўқитган. Ҳужум бошланиши билан бу гуруҳлар Эроннинг ҳаво мудофаа тизимларини ўчирган ва ракеталарни улар ишга туширилмасидан аввал йўқ қилган.
Моссад томонидан тайёрланган ушбу операция Исроил авиацияси учун таҳдидларни бартараф этиш ва Эрон ракеталарини учирилишидан олдин йўқ қилиш мақсадида ўтказилган. Манбаларга кўра, ҳужумнинг илк соатларида қурликдан амалга оширилган зарбалар орқали ўнлаб Эрон ракеталари йўқ қилинган.
Бу операцияга тайёргарлик бир неча йил давом этган. Исроил Эрон ракеталарни қаерда сақлаётганини яхши билган, аммо уларни масофадан туриб нишонга олишнинг иложи бўлмагани учун, портловчи дронлар воситасида жойида йўқ қилиш стратегияси ишлаб чиқилган.
Моссад шунингдек, Эронда ракеталар сони, уларни ташиш учун мўлжалланган юк машиналари сонига нисбатан тўрт баробар кўп эканини аниқлаган — ва бу ҳимоя тизимининг асосий заиф жойи ҳисобланган. Исроил агентлари бу юк машиналарининг ўнлабтасини ишдан чиқарган.
Шу каби усул яқинда Украинада ҳам иш берди — у ерда контейнерлардан бошқарилган дронлар Россия аэродромларига зарба берган эди.