Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ” аъзолари пейжер ва рацияларни портлатиш операцияси тарихда янги саҳифа очди. Энди хавфсизлик органлари улар нафақат кузатилиши мумкинлигини, балки жароҳатланиши мумкинлигини ҳам билди. Хавфсизлик соҳаси ҳам катта саволлар остида қолди. Ахир Моссаднинг “Pegasus” дастури Франциядек давлат президентини ҳам кузатган.
Ушбу операция кўпчиликни қўрқитиб қўйди. Масалан, “Ҳизбуллоҳ”нинг иттифоқчиси ва ҳомийси Эронни ҳам. Теҳрон Исроил бир неча бор “Ҳизбуллоҳ”ни бомбаласа ҳам ҳеч қандай жиддий чора кўргани йўқ. Ҳатто таҳдидли баёнотлар ҳам йўқолди. Оятуллоҳнинг охирги нутқида Ливан тилга олинмади. Янги президент Пизишкиён “Исроил бизни ҳеч ким ғолиб бўлмайдиган урушга тортмоқчи. Агар Тел-Авив ҳарбий кучдан фойдаланмаса, биз ҳам фойдаланмаймиз” деди.
Эроннинг радикал нашрлари ҳам яҳудий давлатига қарши пафосли чақириқларни тўхтатиб, ислом давлатларини Исроилга қарши бирликка чақирмоқда. Исроил Ливанга бостириб киришга тайёрлигини эълон қилди. Эрон томони ҳозирча бунга жавобан қандай чора кўришини айтгани йўқ.
Аксарият давлатлар ҳарбийлари ҳали ҳам рация ва пейжерларга боғланган замонда, Исроилнинг бундай трюки жуда кутилмаган бўлди. Демак, барча пейжерлар эшитилиши, бошқарилиши мумкин, Исроил қўлида балки бундан каттароқ ҳажмдаги қуроллар ҳам бор. Бу операция хавфсизлик соҳасида янги даврни бошлаб беради.