Миср пойтахти Қоҳира жанубидаги Саққара ҳудудида олиб борилган қазишма чоғида археологлар Фиръавн Усеркафнинг ўғлига тегишли даҳма ва фиръавн Жосер ҳайкалини топди. Бу ҳақда мамлакат Туризм ва қадимий ашёлар вазирлиги маҳдум қилди.
– Қадимшунослик миссияси Миср 5-сулоласи илк ҳукмдори, фиръавн Усеркафнинг ўғли – Шаҳзода Васер-иф-ре қабрини топди, – дейилган вазирлик баёнотида.
Қидирув давомида ер остидан пушти гранитдан ясалган улкан эшик ҳам чиққан. Қайд этилишича, топилманинг баландлиги 4,5 метр, кенглиги эса 1,15 метр.
Қадимий ашёлар олий кенгаши бош котиби Муҳаммад Исмоил Холид сўзларига кўра, бундай ўлчамдаги эшик биринчи марта учраган.
Таниқли қадимшунос Заҳи Ҳавас айтишича, миссия қабр ичидан Учинчи сулола асосчиси, фиръавн Жосер, унинг рафиқаси ва ўн нафар қизи ҳайкалини ҳам топган.
Тадқиқот кўрсатдики, дастлаб Жосер зинапояси эҳроми ёнидаги хонада жойлашган бу ҳайкаллар Қадимги Миср тарихининг кейинги даврларида Васер-иф-ре қабрига кўчирилган.
Саккара археология мажмуасидаги қадимий некрополнинг илк дафн маросимлари фиръавнларнинг 1-сулоласи даври – милоддан аввалги 31-29 асрларга тўғри келади. Ҳудуддаги энг машҳур ёдгорлик – Қадимги Жосернинг зинапояли эҳроми Миср тарихидаги биринчи пирамида ҳисобланган.