Қоҳирадаги Миср миллий музейининг реставрация бўлимида фиръавн Аменемопетга тегишли бўлган билагузук йўқолди. Бу ҳақда Миср қадимий ёдгорликлар вазирлигига асосланиб CBS News хабар берди.
Фиръавн Аменемопет милоддан аввалги 993–978 йилларда ҳукмронлик қилган. Билагузук тахминан 3 минг йил аввал ясалган. У соф олтиндан ишланган, лазурит билан безалган, оғирлиги 600 грамм атрофида. Билагузукнинг йўқолгани инвентаризация пайтида маълум бўлди, аммо артефактни охирги марта қачон кўришгани номаълум.
Музейда ички текширув бошланди, айбдорлар ҳали топилган эмас. Барча аэропортлар, денгиз портлари ва қуруқликдаги ўтиш жойларига ўғирлик ҳақида хабар бериб, йўқолган билагузукнинг фотосуратларини юборишди.
Қоҳирадаги миллий музейда 17 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, фиръавн Аменемопетнинг машҳур дафн ниқоби сақланади. Реставрация бўлимида яна бирор нарса йўқолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун тўлиқ рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.