Мисрда археологлар томонидан тахминан 2200 йил аввал муқаддас сув маросимлари учун ишлатилган мукаммал доира шаклидаги қадимий ибодатхона топилди.
Маълум қилинишича, мазкур тарихий иншоот қадимги Пелузий порти (ҳозирги Порт-Саид шаҳри) ҳудудидан топилган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Мажмуа марказида диаметри тахминан 35 метр бўлган йирик сув ҳавзаси жойлашган бўлиб, у Нил дарёси билан махсус каналлар ва резервуарлар тизими орқали боғланган.
Америка Археология институти египтологи Стив Харвининг сўзларига кўра, бу аввал фақат ёзма манбаларда учраган эътиқоднинг камёб моддий далилига айланади.
Қайд этиш жоиз, ибодатхона ичидан Нил лойқаси ва сув йиғиш тизими излари топилгани унинг бевосита дарё культлари билан боғлиқлигини тасдиқлайди.
Милоддан аввалги VIII асрда асос солинган Пелузий шаҳри муҳим савдо ва мудофаа пункти бўлиб хизмат қилган.