Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Мирзиёев Тоқаевга ва Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди

Мирзиёев Тоқаевга ва Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бўлиб ўтган музокаралар якунларига изоҳ бердилар.

Ўзбекистон раҳбари биргаликдаги тизимли ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини иттифоқчилик муносабатларидек энг юқори босқичга олиб чиқишга эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.

- Биз кўп қиррали муносабатларимизда янги саҳифа очдик - Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдик. Ушбу формат давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасининг ифодаси бўлиб, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг яқин алоқалари, уларнинг барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини яққол намоён этади.

Музокаралар чоғида парламентларнинг икки палатаси иштирокида Парламентлараро форум ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг яна бир янги шакли - Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Қўшма баёнот имзоланди ҳамда ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 2024-2034 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинди.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар икки мамлакатнинг барча вилоятларини жалб қилган ҳолда Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини Ҳудудлар раҳбарлари кенгашига айлантириш ташаббусини илгари сурдилар.

Куни кеча ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувларида умумий қиймати 7 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Ой якунига қадар товар айирбошлаш ҳажмини кескин оширишга қаратилган комплекс дастур қабул қилинади. Томонлар, шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилишини тезлаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон-Қозоғистон инвестиция фондини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.

Музокаралар кун тартибидан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳим ўрин эгаллади. Юк ташиш ҳажмини ошириш учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни яратиш, автомобиль ва темир йўлларни қуриш ва модернизация қилишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Яна бир стратегик йўналиш - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Икки мамлакат ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Маданият, ёшлар, туризм, фан, таълим ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф арафасида ва доирасида Қозоғистон пойтахтида Ўзбек киноси кунлари, концертлар, кўргазмалар, фестиваллар, интеллектуал ўйинлар ва бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Томонлар келгуси йилда ўзаро маданият кунлари, қўшма кинофестиваллар, икки мамлакат санъат усталарининг концертларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Қозоғистондаги етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбари Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга ва у орқали бутун қардош Қозоғистон халқига Остона марказида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар минтақавий ва халқаро платформалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, "Марказий Осиё плюс" форматлари доирасидаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттирадилар.

Эртага Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви иқтисодий интеграция ва бутун минтақанинг жадал ривожланишига кучли суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.

Якунда Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи якунлари ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Киритилди: 16:48 08.08.2024. Ўқилди: 1067 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!