Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 30 март куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Давлат раҳбарлари қардош халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони, тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпаймоқда.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак навбатдаги йиғилиши ва Туркий давлатлар ташкилотининг режадаги саммитига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда бўлажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форумини, шунингдек, Туркия Буюк миллат мажлиси делегациясининг Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг 150-сессиясида иштирок этиш учун ташрифини самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.