Миннеаполисда Иммиграция хизмати рейди чоғида Алекс Преттини отиб ўлдирган икки федерал агент вақтинча хизматдан четлатилди. Бу ҳақда The Insider нашри хабар берди.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг дастлабки ҳисоботига кўра, 24 январ куни содир бўлган воқеа вақтида ICE агентлари Glock 19 ва Glock 47 тўппончаларидан ўқ узган.
Бироқ ҳужжатда федерал расмийларнинг Претти қўлида қурол кўтаргани ёки агентларга ҳужум қилгани ҳақидаги даъволари тасдиқланмаган. Бундан ташқари, ишдан четлатилган агентнинг исми ошкор қилинмаяпти.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг таъкидлашича, Преттининг “зўрлик билан қаршилик кўрсатгани” тўғрисидаги баёнотлар воқеа жойидан келган хабарлар асосида берилган ва ҳозирда тергов доирасида қайта кўриб чиқилмоқда.
Бу январ ойи давомида Миннеаполисда ICE ходимлари қурол ишлатган учинчи ҳолат ҳисобланади. Январ ойининг бошида ICE ходими 37 ёшли маҳаллий аҳоли вакили Рене Никол Гудни отиб ўлдирган, 14 январ куни эса ICE ўтказган операция вақтида Венесуэладан бўлган мигрант оёғидан яраланганди.