Словакия бош вазири Роберт Фицо АҚШ президенти Доналд Трамп билан Флоридадаги шахсий қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Европа Иттифоқи етакчиларига Трампнинг руҳий ҳолатидан хавотирда эканини билдирган. Бу ҳақда Politico Европа дипломатларига таяниб хабар бермоқда.
Дипломатлардан бирининг айтишича, Фицо Трамп билан бўлган суҳбатдан сўнг ўзини “руҳий зарба олгандек” ҳис қилганини билдирган.
Politico'га кўра, бошқа манбалар Словакия бош вазири Трамп билан шахсий учрашув чоғида унинг хатти-ҳаракатларини “хавфли” деб таърифлаганини айтган.
Фицо ва европалик сиёсатчилар ўртасидаги суҳбат 22 январ куни Брюсселда, Трампнинг Гренландияни эгаллаб олиш билан боғлиқ таҳдидлари фонида чақирилган ЕИ фавқулодда саммити доирасида бўлиб ўтган.
Оқ уй эса Politico томонидан келтирилган маълумотларни “мутлақо ёлғон” деб атаган. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли Трамп ва Фицо ўртасидаги учрашув “ижобий ва самарали” ўтганини билдирган.