Бугун 10 сентябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Миллий гвардия хизматчиси фуқарога мурожаат қилганда ўзини таништириши шарт

Миллий гвардия хизматчиси фуқарога мурожаат қилганда ўзини таништириши шарт

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда қонунийлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу жараёнда Миллий гвардиянинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучлар билан ҳамкорлиги тобора кенгайиб бормоқда.

2017 йилда ташкил этилган Миллий гвардиянинг ҳуқуқий мақоми 2020 йилда алоҳида қонун билан мустаҳкамланди. Кейинги йилларда эса унинг фаолиятига оид 20 дан ортиқ қонун ҳамда 70 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилиниб, янги вазифа ва ваколатлар белгиланди.

Шу билан бирга, амалиётда тўпланган тажриба Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, такрорланувчи нормаларни бартараф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш заруратини юзага келтирди.

Ушбу Қонун ана шу мақсадларга қаратилган.

Қонун билан, аввало, Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари қайта тизимлаштирилмоқда. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш, қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифалар бирлаштирилиб, оммавий тартибсизликларга чек қўйиш бўйича янги вазифа белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат объектлари, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар, бошқа объектлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш билан боғлиқ вазифалар амалдаги қонунчиликда белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб оптималлаштирилмоқда.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш тартиби аниқ белгилаб берилаётганидир.

Эндиликда ҳарбий хизматчи фуқарога мурожаат қилганда ўз лавозими, ҳарбий унвони, фамилияси, исми ва отасининг исмини айтиши, мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини тушунтириши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шартлиги белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгилик жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий махсус воситалардан фойдаланиш бўйича Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари қонунчиликда аниқлаштирилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу ўзгартишлар Миллий гвардиянинг вазифа ва ваколатларини аниқлаштириш, уларни амалдаги функцияларга мослаштириш, фуқаролар билан муносабатларда очиқлик ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Киритилди: Бугун 14:30. Ўқилди: 167 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!