Ўзбекистон Суперлигасида 21-тур баҳсларига старт берилди. Турнинг дастлабки кунида учта учрашув ўтказилиб, "Нефтчи", "Пахтакор" ва "Насаф" навбатдаги уч очкосини қўлга киритди.
"Пахтакор" сафарда ОКМКни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. "Нефтчи" Фарғонада "Сурхон"дан 2:1 устун келган бўлса, "Насаф" ўз майдонида "Бунёдкор" дарвозасига жавобсиз учта гол урди — 3:0.
Шу натижалардан кейин "Нефтчи" 48 очко билан турнир жадвали пешқадамлигини сақлаб қолди. "Пахтакор" 46 очко билан иккинчи ўринда ва фарғоналиклардан атиги икки очко ортда бормоқда.
Ҳозирча учинчи поғонани 20 та ўйиндан кейин 38 очко жамғарган "Навбаҳор" эгаллаб турибди. "Бухоро" 34, ОКМК ва "Локомотив" эса 32 очкодан тўплаган. "Насаф" 21-турдаги ғалабадан кейин очколари сонини 31 тага етказиб, 7-ўринга кўтарилди.
21-тур 10 сентябрь куни "Динамо" — "Қизилқум", "Андижон" — "Қўқон-1912" ва "Хоразм" — "Сўғдиёна" учрашувлари билан давом этади. 11 сентябрь куни эса "Локомотив" — "Машъал" ҳамда "Бухоро" — "Навбаҳор" баҳслари турга якун ясайди.