Бугун 18 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Миграция қонунларининг қатъийлашуви: Марказий Осиё давлатларига юборилаётган пул ўтказмалари барқарорлигича қолмоқда

Миграция қонунларининг қатъийлашуви: Марказий Осиё давлатларига юборилаётган пул ўтказмалари барқарорлигича қолмоқда


Россияга ишлаш учун бораётган Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат мигрантлари сони сезиларли даражада камайди. Бунга асосий сабаб сифатида Россияда миграция сиёсатининг кескин кучайтирилгани кўрсатилмоқда. Бу ҳолат, “Независимая газета” ёзишича, мигрантлар оқими янада қисқаришига олиб келиши мумкин.

Бундай вазият Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда хавотир уйғотмоқда. Чунки бу мамлакатларда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) муҳим қисмини ташкил этади.

Шунга қарамай, мигрантлар сони камайган бўлса-да, Марказий Осиё давлатларига юборилаётган пул ўтказмалари барқарорлигича қолмоқда, ҳаттоки ўсиш ҳам кузатилмоқда. Халқаро миграция ташкилоти ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024-йилда Тожикистонга юборилган пул ўтказмалари 5,8 миллиард долларни ташкил этиб, 2023-йилга нисбатан 27 фоизга ошган.

Тожикистонлик мигрантлар учун асосий йўналиш ҳамон Россия бўлиб қолмоқда. Бироқ, ХМТ маълумотларига кўра, пул ўтказмалари Қозоғистон, Жанубий Корея, АҚШ ва бошқа бир қатор мамлакатлардан ҳам келмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2024-йил август ҳолатига кўра, мамлакатда 1,2 миллиондан ортиқ тожикистонлик мигрант яшаган. Таққослаш учун: 2024-йилда Жанубий Кореяда расмий иш билан таъминланган тожик фуқаролари сони 6339 кишини ташкил этди, бу 2023-йилга нисбатан қарийб 40 фоизга кўп.

Россияда миграция қонунларининг қатъийлашуви туфайли Марказий Осиё фуқаролари тобора кўпроқ Буюк Британия, Жанубий Корея, Форс кўрфази давлатлари ва Европа Иттифоқи мамлакатларида иш излай бошлашмоқда.

Миграция масалалари бўйича эксперт Асилбек Эгембердиевнинг фикрича, Россиянинг Марказий Осиёдан келаётган ноқонуний мигрантларга қарши кураши самарасиз бўлиб, ҳамкорликдаги муносабатларни бузади ва Россиянинг минтақадаги таъсирини сусайтиради.

"Амалдаги миграция сиёсати барча томонларга зарар етказмоқда. Чет эллик ишчиларни қонунийлаштириш бўйича аниқ қоидаларнинг йўқлиги мигрантларни боши берк кўчага олиб кирмоқда", — деди у “Независимая газета”га берган интервюсида.

Эгембердиев муаммонинг ягона маданий ва ҳуқуқий ечими сифатида "меҳнат визаси" жорий этилишини таклиф қилади. Бу орқали мигрантлар ҳуқуқлари, яшаш муддати, иш берувчининг жавобгарлиги ва ижтимоий меъёрларга риоя қилиш каби жиҳатлар қонуний асосда тартибга солинади.

Унга кўра, 6 ойдан 2 йилгача амал қиладиган, узайтириш имконияти бўлган меҳнат визаси кўплаб муаммоларни бартараф этади. Бу Марказий Осиё мамлакатларида қаршилик уйғотиши мумкин бўлса-да, у маданиятли ва барқарор миграция алоқаларини йўлга қўйиш учун зарур қадамдир.

"Россия президенти томонидан чет эллик фуқароларни чиқариб юбориш тартиби ҳақидаги фармон Марказий Осиёдан келган ўн минглаб мигрантларнинг депортация хавфини кучайтирмоқда. Россияда ҳозирда 70 мингга яқин ноқонуний қирғиз, 200 мингга яқин тожикистонлик ва 500 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мигрант бор. Вазиятни янада мураккаблаштираётган ҳолат шундаки, Қирғизистонда 100 мингдан ортиқ фуқаролар хорижга чиқолмаяпти. Бу эса Россиядаги 70 минг ноқонуний мигрант билан бирга Бишкек учун жиддий муаммога айланмоқда", — дея хулоса қилди Эгембердиев.

Киритилди: 12:38 16.05.2025. Ўқилди: 602 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!