Бугун 9 сентябрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Метан газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўйилмайди

A A A
Метан газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўйилмайди

АОКАда ўтказилган брифингда энергетика вазири ўринбосари Азизхўжа Қобилов газ нархининг эркинлаштирилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди:

–Куни кеча метан газ нархлари бўйича ижтимоий тармоқларда қатор муҳокамалар бўлди. Шу сабабли, ушбу масалага атрофлича тўхталиб ўтиш лозим. 1 августдан эътиборан метан газни сотишда чегара нархни олиб ташлашга қарор қилинди. Эндиликда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларидаги нархни бозор белгилайди.

Қайд этиш керакки, тадбиркорларга нарх белгилашда эркинлик бериш “хоҳлаган ишни қилиш имкониятини” англатмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сонли қарорига кўра, жорий йилнинг 1 июнидан АГТКШлар учун реализация қилинадиган 1 метр куб табиий газ нархи (ҚҚС билан) 1800 сўм этиб, шунингдек, 25 майдаги 301-сонли қарори билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида сотишда газнинг энг баланд чакана нархи 2024 йилнинг 1 августига қадар бир куб метр учун 3 750 сўм этиб белгиланган эди.

Сотиб олинадиган табиий газ нархи ва солиқлар ставкалари қатъий белгилангани ҳамда бошқа сақлаш харажатларида сезиларли ўзгаришлар кутилмаётганини инобатга олиб, 1 августдан кейин автомобиллар учун газ нархи кескин ошишига етарли асослар мавжуд эмас, деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича кеча ҳукуматга қатъий топшириқ бердилар. Шу сабабли, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бош масала бўлади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан метан газ нархини барқарорлаштириш билан бир қаторда, нархларнинг асоссиз ошириб юборилишининг олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда республикамиз бўйича 1 минг 485 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси мавжуд бўлиб, уларга жорий йил бошидан бери 2 миллиард 800 миллион метр куб табиий газ етказиб берилган.

Ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар томонидан биржа савдоларига суюлтирилган газ қўйиш ҳажмлари камайиб, маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи июль ойи бошидагига нисбатан 25 фоиз (6 млн сўмдан → 7,5 млн. сўмгача) ошган.

Август ойининг 7 санасидан эътиборан “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан кунига яна қўшимча 100 тоннадан суюлтирилган газ биржа савдоларига қўйиб борилади.

Таклиф ҳажмини ошириш мақсадида жорий йилда 6 та янги импортёр тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 11,3 минг тонна импорт суюлтирилган газ биржада сотилган. Хусусан, йил бошидан буён ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан биржа орқали 32 минг тонна (+23 фоиз) кўп маҳсулот сотилган бўлса, республикамизга 59 минг тонна импорт қилинган (+50 минг тонна кўп).

Бугунги кунда суюлтирилган газнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинишига ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар мавжуд эмас. Айтиш жоизки, бугунги кунда ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, “Ўзэнергоинспекция” ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида барча ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, кунлик назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Назорат тизимини рақамлаштириш, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари томонидан кунлик реализация қилинаётган табиий газ ҳажмини онлайн кузатиб бориш ва газ баллонлар портлашининг олдини олиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда дастурий таъминот ишлаб чиқилган.

У дастлаб Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги 3 та АГТКШда тажриба синовидан ўтказилди ҳамда Тошкент шаҳридаги битта шохобчада тўлиқ ишга туширилди.

2025 йил 1 январга қадар барча шохобчада газ тўлдириш устунларига қўшимча қурилмалар ўрнатилиб, реализация қилинаётган газ ҳажми онлайн кузатиб борилади.

Бундан ташқари, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳудудлари кузатув камералари билан жиҳозланиб, автомобиль рақами орқали автомобилга ўрнатилган газ баллони синовдан ўтган ёки ўтмагани аниқланади.

Шу билан бирга, метан, пропан ва бензин заправкаларида сотилаётган ёқилғи нархларининг сунъий равишда оширилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Солиқ қўмитасига бир қатор вазифалар юклатилди.

Эндиликда сотилаётган ёқилғиларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, мазкур тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда уларга ёқилғи етказиб берилиши тўхтатилади.

Киритилди: 10:45 03.08.2024. Ўқилди: 1313 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!