“Ливерпуль” ҳужум чизиғини бирданига кучайтириш мақсадида айни пайтда таътилда бўлган “Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Мессини қисқа муддатли ижарага олиб келиш бўйича иш бошлади.
Айни пайтда Шимолий Америкада мавсум оралиғи давом этмоқда, янги мусобақа эса фақат бир ярим ойдан кейин старт олади.
Аввал ҳам МЛС ўйинчилари мавсум ўртасида формасини сақлаб туриш учун Англия Премьер-лигасига бир неча бор келишган. Бунга Лэндон Донован ёки Тьерри Анрини мисол қилиб келтириш мумкин.
Испаниянинг Sport нашри маълум қилишича, эндиликда Месси ҳам уларнинг йўлидан бориши кутиляпти. Аргентиналик юлдуз келаси ёзда старт оладиган жаҳон чемпионатига энг яхши формада етиб боришни истаяпти.
38 ёшли аргентиналик футболчини қисқа муддатга ижарага олишни ўйлаб кўраётган клублар орасида “Ливерпуль” ҳам бор, аммо битимни келишиб олиш жуда мураккаб кўринади.
Идеал вариант сифатида Месси “Барселона”га қайтишни истар эди, бироқ каталонияликлар молиявий жиҳатдан жуда оғир аҳволда. Бу эса эшикни бошқа клублар, жумладан “Ливерпуль” учун ҳам очиқ қолдирмоқда.