Сурия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нуриддин ал-Баба ижтимоий тармоқларда мамлакат муваққат президенти Аҳмад ал-Шарага суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Бу ҳақда Туркиянинг Haber Global телеканали хабар бермоқда.
"Бу маълумот мутлақо ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Сўнгги кунларда президент ёки бошқа юқори лавозимли амалдорлар билан боғлиқ ҳеч қандай воқеа содир бўлмаган", — деб ёзди расмий Facebookда.
Ал-Баба фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларини "масъулиятни ҳис қилишга ва давлат идораларининг аниқ маълумотларидан фойдаланишга" чақирди.
Эслатиб ўтамиз, икки кундан бери ижтимоий тармоқларда сунъий интеллект ёрдамида яратилган чалғитувчи тасвирлар тарқалмоқда. Улар Дамашқда уларга қарши уюштирилган ҳужумда президент Аҳмад ал-Шара ва унинг ёрдамчиларидан бири яраланганини даъво қилишди.