Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШ президенти Дональд Трамп билан Россия-Украина урушини ҳал қилиш бўйича янги Америка режасини муҳокама қилиш учун боғланган биринчи Европа етакчиси бўлди. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмий вакили Штефан Корнелиусга таяниб, Bild хабар берди.
"Бу ишончли ва батафсил телефон суҳбати бўлди," - деди Германия ҳукумати вакили. Унинг сўзларига кўра, Трамп билан "маслаҳатчилар даражасида кейинги қадамлар келишиб олинган."
"Мерц ҳозир европалик ҳамкорларни суҳбат мазмуни ҳақида хабардор қилади," - дея қўшимча қилди Корнелиус.
Европа давлатлари етакчилари дам олиш кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган G20 саммити доирасида АҚШ ташаббусини муҳокама қилишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда NTV телеканали. Аввалроқ Bild газетаси ўз манбаларига таяниб, Мерц ҳукумати АҚШнинг Украина бўйича янги режасидан жиддий хавотир билдираётгани ва аллақачон дипломатик қарши чоралар ишлаб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. Берлинда Киевни Вашингтон босимига бўйсунмасликка кўндириш, шунингдек, Россия-Украина урушини ҳал қилиш бўйича Америка маъмурияти билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг позициясини илгари суриш ниятида.