Хусусий мулк эгасининг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулк тақдирини белгилаш, уни кимнинг эгалигига бериш масаласига ўтган барча даврда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала сифатида қаралиб, турли йўллар билан ҳал қилиб келинган, низо келиб чиққан тақдирда эса охирги нуқтани суд қўйган.
Қадимда биргина ер участкаси, уй-жой, рўзғор буюмлари, иш қуроли ва чорва молларига нисбатан хусусий мулкчилик мавжуд бўлиб, шахснинг вафотидан кейин ушбу мол-мулклар урф-одат бўйича марҳумнинг фарзандлари эгалигига ўтган. Шунингдек, айрим мажбурият ҳуқуқлари, масалан, марҳум ҳаётлигида олган қарзини қайтариш ҳам фарзандлар зиммасига қўйилган.
Қадимда марҳумнинг мулки тақдири, хусусан мерос масаласи асосан шариат қоидаларига кўра ҳал қилинган.
Собиқ Иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчиликда мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлган, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этган, фуқаролар амалда деярли арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинган.
Мулкчиликнинг ҳамма шакллари тенг ҳуқуқли эканлиги Конституциямизда кафолатланган, сўнгра бошқа қонунчиликларимизда мустаҳкамланган.
Мулкдорлар синфи вужудга келиши билан бир вақтда мавжуд мулкнинг авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилади.
1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5 бўлимида мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтишига доир қонун нормалари мустаҳкамланди.
Ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2011 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисиа”ги 5-сонли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Мулкдор ўзининг юқорида қайд этилган мулкка нисбатан барча ҳуқуқларидан хаётлик чоғида бевосита фойдаланади. Шунингдек, ўзи ҳаётлик чоғида ўз мулкининг вафотидан кейинги тақдирини васиятнома қолдириш орқали олдиндан белгилайди.
Амалдаги қонун нормаларида, мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига қонун бўйича ва васиятнома бўйича ўтиши белгилаб қўйилган. Васиятнома қолдирилмаган ҳолларда айни бир мулкни меросхўрлар ўртасида тақсимлаш билан боғлиқ низолар келиб чиқиши табиий.
Мерос билан боғлиқ низолар, асосан, қон-қариндош бўлган ота (она) ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ворислар ўртасида юзага келади ва бунга асосан уларнинг амалдаги қонун нормаларини билмаслиги ва бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлади.
Мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўзаро келишганлари энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки, низолашиш (суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам) ворислар ўртасидаги ўзаро яқинлик муносабатларига, меҳр-оқибатга путур етказади.
Жамиятимиз инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топиши, уларнинг бир-бирига муносабатлари яхши бўлишидан манфаатдордир. Соғлом муносабат, соғлом оилалар жамият негизини ташкил этади.
М. Умарова,
Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманларар суди судьяси