Трамп ҲАМАСдан Ғазо секторида гаровда ушлаб турилган барча исроилликларни зудлик билан озод қилишни талаб қилди, шунингдек, гуруҳ раҳбариятини анклав ҳудудини тарк этишга чақирди, деб хабар бермоқда BBC.
"Барча гаровга олинганларни кейинга қолдирмай, ҳозироқ озод қилинг ва ўлдирилган одамларнинг жасадларини дарҳол қайтаринг, акс ҳолда ҳалок бўласизлар. Мени айтганларимни бажармагунингизча, ҲАМАСнинг хеч бир аъзоси хавфсизликда бўлмайди", — деб ёзди АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида.
"Бу сўнгги огоҳлантириш! ҲАМАС раҳбариятига келсак, ҳозир имкониятингиз бор пайтда Ғазони тарк этишнинг айни пайти. Шунингдек, Ғазо аҳолисига мурожаат қиламан: сизларни гўзал келажак кутмоқда, аммо бу фақат гаровга олинганларни озод қилсангизгина амалга ошади!", — дея қўшимча қилди Трамп.
Аввалроқ Оқ уй АҚШ ҲАМАС билан гаровга олинганлар масаласи бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлаган эди. Шу пайтгача Вашингтон гуруҳ билан бевосита алоқа ўрнатишдан қочган бўлса-да, ҳозирда мулоқот бошланган. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар музокаралар олдидан Исроил билан маслаҳатлашувлар ўтказган.
BBC манбаларига кўра, ҲАМАС ва АҚШ вакиллари ўртасида иккита учрашув бўлиб ўтган.
"Бундай музокаралар ноодатий бўлса-да, мисли кўрилмаган ҳолат эмас. Ўтган йилнинг апрел ойида ҳам Байден маъмурияти вакиллари ҲАМАС билан гаровдаги америкаликлар масаласини муҳокама қилиш учун шундай учрашув ўтказган эди", — дея таъкидлайди BBC мухбири Пол Адамс.