Ўзбекистонда фаолият юритувчи Humans компаниясининг Сингапурдаги таъсисчиси – Humans Mobile Ltd Марказий банк ва “Ўзбектелеком” хатти-ҳаракатлари ортидан халқаро арбитражга шикоят киритди. Бу ҳақда "Дарё" хабар бермоқда.
Инвеститсион низоларни ҳал этиш халқаро маркази (ICSID) сайтидаги маълумотга кўра, бу даъво 30-май куни марказ томонидан рўйхатга олинган. Жавобгар сифатида Адлия вазирлигининг Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш департаменти кўрсатилган.
Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003-йил 15-июлда имзоланган ва 2003-йил 23-ноябрдан кучга кирган Инвеститсияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим қоидаларининг бузилиши даъво аризаси беришга асос бўлмоқда.
Арбитраж муҳокамасига Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” компаниясининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Spot’нинг ёзишича, шу сабаб, Humans Mobile бу хатти-ҳаракатлар билан унга етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда.
2024 йил сентябрида Марказий банк Humans компаниясига тегишли UPay брендига эга Мароданд тўлов ташкилоти фаолиятини олти ойга чеклаб қўйди, бу эса унинг банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш хизматлари чекланди. Октябрь ойи охирида Марказий банкнинг ўша вақтдаги раиси Мамаризо Нурмуратов фуқароларнинг pullари букмекерлик компанияларига ноқонуний ўтказилгани сабабли Мароданд лицензияси вақтинча тўхтатилганини айтганди.
2025 йил 26 март куни Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси Мароданд тўлов ташкилотининг айрим операцияларини чеклаш тўғрисида илгари қабул қилинган қарорни бекор қилди. Май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан “Ўзбектелеком”га нисбатан монополияга қарши иш очишни сўради. Компаниянинг қайд этишича, давлат оператори қарздорлик туфайли Humans учун интернет тезлигини пасайтириб, хизматларга “монопол юқори нарх” белгилаган ва камситувчи шароитлар яратган.
Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин арбитраж муҳокамаси “инвесторлар ўз манфаатларини инсофсиз маъмурийчиликдан ҳимоя қилишнинг маданиятли воситаси”, дея қайд этди. Humans суд муҳокамаси “адолатли тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга” хизмат қилади деб ҳисоблаб, зарарни қоплашни талаб қилмоқда.