8 июль куни соат тахминан 19:00лар атрофида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ИИБ тезкор ходими шу туман «Тоқчи» қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида Lacetti автомашинаси юқори тезликда ҳаракат иштирокчиларига хавф солган ҳолда ҳаракатланиб кетаётганини аниқлаб, тезкорлик билан чора кўриш мақсадида туман ЙҲХБга хабар берган.
Шу йўналишда хизмат олиб бораётган туман ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан мазкур автомашина тўхтатилиб текширилганида, ҳайдовчи 58 ёшли фуқаро С.Б. маст экани аён бўлиши билан автомашинасидан тушиб қочишга уринган. Ҳайдовчи уни таъқиб қилган инспектор билан олишиб, ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (ошхона пичоғи) билан инспекторни бир неча бор уриб, жароҳат етказган ва воқеа жойидан яширинган.
Катта сержант Примов Элбек тиббиёт бўлимига етказилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан қорин олд қисмига ва чап қўл тирсагига етказилган оғир жароҳатлар натижасида кўп қон йўқотиш оқибатида вафот этган. Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этган фуқаро Кўкдала тумани ҳудудида ҳибсга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси 2 қисми «г» банди жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.