Илгари иттифоқчи бўлган, кейин рақибга айланган томонлар миллиардлаб доллар тиккан ҳолда судда тўқнаш келди. 27 апрель куни Калифорнияда бошланган суд жараёни бутун сунъий интеллект индустриясининг келажагини белгилаб бериши мумкин.
Илон Маск OpenAIнинг тижорат бўлинмаси томонидан олинган фойдани мажбурий тарзда қайтаришни талаб қилмоқда (даъво миқдори аввал 134 миллиард доллар деб баҳоланган).
Суд шу масалани ҳал қилиши керак: хайрия маблағлари ҳисобидан яратилган технология хусусий интеллектуал мулкка айлантирилиши мумкинми ёки йўқ.
Даъво аризаси, шунингдек, Сэм Альтман ва Грег Брокманни компания бошқарувидан четлатиш талабини ҳам ўз ичига олади.
Мутахассислар таъкидлашича, судья Ивонн Гонсалес Роджерс қарори сунъий интеллект даври учун муҳим ҳуқуқий прецедент яратади: бу технология «жамоат мулки»га айланадими ёки корпоратив бойиш воситаси сифатида қоладими.