Украина Ташқи ишлар вазирлиги Исроил элчиси Михаил Бродскийни чақириб, унга босиб олинган Украина ҳудудларидан дон етказиб бериш бўйича норозилик нотасини топширди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, норозилик билдиришга Россия томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудларидан Исроилга ноқонуний равишда экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давомли етказиб берилиши сабаб бўлган.
"Исроилнинг Украинанинг расмий сўровлари ва халқаро ҳуқуқий ёрдам сўровларини, жумладан, кемалар ва юкларни ушлаб туриш сўровларини эътиборсиз қолдириши ўғирланган Украина донини қонунийлаштириш учун шароит яратади", деб таъкидлади Ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирлик бу алоҳида ҳодисалар эмас, балки "ноқонуний иқтисодий фаолиятга қасддан ёрдам кўрсатиш белгиларига эга" тизимли амалиёт деб ҳисоблайди.
Украина томони Исроилдан ўғирланган дон импортини тўхтатиш ва уни Исроил портларига туширишнинг олдини олиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда.