Америкалик бизнесмен ва миллиардер Илон Маск ўнг қанот фаоли Томми Робинсоннинг митингида онлайн тарзда чиқиш қилиб, Буюк Британия парламентини тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирди.
Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
"Кейинги сайловга тўрт йил вақтимиз йўқ ёки қанча вақт бўлса ҳам. Бу жуда узоқ. Нимадир қилиш керак. Парламентни тарқатиб, янги овоз беришни ўтказиш керак", - дейди тадбиркор.
Маскнинг қайд этишича, Британия назоратсиз миграция, бюрократия ва сўз эркинлиги чекловларидан азият чекмоқда ва шунинг учун ҳукумат кенг кўламли ислоҳотларга муҳтож.
Эслатиб ўтамиз, шанба куни Лондон марказида ўнг қанот “Англия мудофаа лигаси” ташкилоти асосчиси, таниқли фаол ва муҳожирлар мухолифи Томми Робинсон томонидан ташкил этилган намойиш бўлиб ўтди. Полиция маълумотларига кўра, намойиш иштирокчилари сони аллақачон 110 мингга етган.
Намойиш пайтида намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳам қайд этилган, тўққиз киши ҳибсга олинган.