Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йил интернет сайтларнинг бирида эълон қилинган “Қашқадарёда Янги йил арчасини безаш учун 262,0 млн сўм сарфланди” номли хабарда қайд этилган ҳолатлар бўйича ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганиш натижасида Косон туман Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида “Арча ўйинчоқлари” хариди учун 2023 йил 27 март куни ўтказилган давлат харидида Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси (асосланганлик принсипи), 8-моддаси (молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принсипи) 10-моддаси (рақобат ва холислик принсипи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 26-моддаси (давлат харидлари жараёни) талаблари бузилганлиги аниқланди.
Хусусан, давлат харидларини ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, мақбул муддатларда ўтказиш имконини берадиган оқилона ва тежамкор усулда амалга оширилиши каби принсипларига зид равишда:
- давлат харидларини режалаштириш;
- харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
- шартномани тузиш ва бажариш босқичларига амал қилинмаган ҳолда 2022 йил декабр ва 2023 йил январ ойида ўтказилган Янги йил байрами учун ноқонуний тарзда туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан жорий йилнинг 27 март куни “Арча ўйинчоқлари” харид қилиш юзасидан давлат хариди ўтказилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича 2023 йил 31 март куни харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Давлат молиявий назорат инспекциясига юборилди.
"Косон туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2023 йил 4 апрель куни Харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди" дейилади хабарда.