Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқаролар ва тадбиркорларнинг иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаатлари ҳамда одил судловга оид янги қонунга имзо чекди.
Суд тизимида ҳокимликлар ёки бошқа давлат органларининг маъмурий судларга таъсир ўтказиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида муҳим янгилик жорий этилмоқда. Эндиликда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини холис ҳимоя қилиш учун экстерриториал судлов механизми таклиф этилмоқда.
🗄 Эндиликда агар аризачида суднинг холислигига шубҳа туғилса, у ишни давлат органи жойлашган ҳудуддан бошқа майдондаги судда кўрилиши ҳақида ариза бериши мумкин. Ариза тушгач, шикоят автоматлаштирилган ахборот тизими орқали инсон омили аралашувисиз бошқа ҳудудга ўтказилади.
🗄 Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларда ишни бошқа судга ўтказиш тарафларнинг ёзма келишувига асосан амалга оширилади. Ахборот тизими орқали иш ўтказилганда, айнан бир судни танлаш имкони бўлмайди (тасодифий тақсимланади).
🗄 Энг муҳими тарафлар бошқа ҳудуддаги судга бевосита бормасдан, видеоконференцалоқа хизматидан фойдаланган ҳолда суд мажлисида қатнашишлари мумкин.
⏺ Ушбу тартиб маҳаллий давлат органларининг суд жараёнига босим ўтказиш хавфини бартараф этади.
⏺ Бу фуқаролар ва тадбиркорларда суд қарорларининг адолатли ҳамда холис чиқарилишига бўлган ишончни кескин оширади.
⏺ Шунингдек, видеоконференцалоқа имконияти бошқа ҳудудга бориб-келиш билан боғлиқ ортиқча вақт ва молиявий харажатларнинг олдини олади.