“Ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-188-сон, 19.05.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат хизматларини кўрсатишдаги қонунчиликка мувофиқ бўлмаган маъмурий ҳужжатларини судгача бўлган босқичда апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилмоқда.
Қуйидагилар тасдиқланди:
Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлигини судгача кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузуридаги Апелляция кенгашларининг намунавий таркиби.
Апелляция кенгашлари Вақтинчалик низомда назарда тутилган 20 дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини судгача кўриб чиқувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган коллегиал органлар ҳисобланади.
Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси тегишлилигига кўра апелляция кенгашларининг ишчи органлари ҳисобланади.
Апелляция кенгашлари маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқиш орқали уларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш, шунингдек, маъмурий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича маъмурий органга мажбурият юклаш ҳақида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга.
Апелляция кенгашлари ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади.