Европа Украина учун хавфсизлик кафолатларини тайёрлашни якунлади.
Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан учрашувда маълум қилган.
"Ушбу тайёргарлик ишлари якунига етди", – деди Франция раҳбари.
Унга кўра, Европа етакчилари Вашингтонда ўз зиммаларига олган мажбуриятлар бугун куннинг иккинчи ярмида мудофаа вазирлари даражасида қатъий махфийлик асосида тайёрланган, ҳужжатлаштирилган ва тасдиқланган.
Европа, Макроннинг сўзларига кўра, Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича тинчлик келишуви кучга киргандан сўнг дарҳол Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, эртага Украина учун хавфсизлик кафолатлари ва уни келгусида қўллаб-қувватлашга бағишланган “хоҳловчилар коалицияси”нинг видеоконференсияси бўлиб ўтади.
Германия канцлери Фридрих Мерц энг муҳим хавфсизлик кафолати Украина Қуролли кучларини етарли даражада қўллаб-қувватлаш эканлигини таъкидлади.
Зеленский, ўз навбатида, Европа етакчилари билан бўлажак учрашувлар фонида Украинанинг сезиларли даражада мустаҳкамланишини эълон қилди.