Франция президенти Эммануэль Макрон Исроил давлатининг Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ва ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш режасини кескин танқид қилди. Расмий Парижга кўра, Исроилнинг муттасил уруш сиёсати мисли кўрилмаган фалокатга етаклайди.
“Исроил вазирлар кенгашининг Ғазо шаҳри ва Мувасий лагерларида ҳарбий фаолиятни кенгайтириш, шунингдек, такрорий босиб олиш режаси мисли кўрилмаган фалокат ва муттасил уруш олиб боришга қаратилган нооқилона ёндашувдан дарак бермоқда”, – деди Франция етакчиси.
Макроннинг фикрича, Исроилнинг бу сиёсатидан биринчи навбатда Ғазодаги тинч аҳоли ва асирлар азият чекади.
Франция етакчиси Фаластин ҳудудидаги вазиятни барқарорлаштириш учун БМТ мандати остида халқаро иттифоқ тузишни таклиф этган.
Аввал хабар берганимиздек, 8 август куни Исроил хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Ғазо шаҳрини назоратга олиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу баҳсли қарор Ғазо шаҳридаги юз минглаб одамни яна мажбурий кўчириш ҳамда бутун Ғазо бўлгасини босиб олишни англатади. Жаҳон етакчилари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ушбу қарорини кескин қораламоқда.
Душанба куни Исроил Ғазо секторига ҳужумни янада кучайтирди. Ҳужумлар оқибатида “Ал-Жазира” телекомпаниясининг беш ходими ҳам ўлдирилган.
БМТ Исроил армиясининг журналистларни қасддан ўлдирганини қоралади.
Эслатиб ўтамиз, Франция президенти Эммануэль Макрон Фаластин ҳудудларидаги хунрезлик ва босқин сиёсатини очиқ ва кескин танқид қилиб келаётган Ғарбнинг камсонли сиёсий етакчиларидан ҳисобланади.
Аввалроқ Макрон Ғазо секторида гуманитар инқироз чидаб бўлмас даражага етгани ҳақида баёнот берганди.
“Бу даҳшат... (Ғазо секторида) на сув бор, на дори-дармон. Жароҳатланганларни ҳам хавфсиз жойга кўчира олишмаяпти. Қатъий равишда айтаманки, Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари номақбулдир”, – деган эди француз етакчиси.
Президент Макрон Франция Фаластин давлатини жорий йил сентябрь ойиида БМТ Бош ассамблеясида тан олишини ҳам маълум қилган.
Халқаро ташкилотлар Ғазодаги 2,3 млн аҳоли очлик, ташналик ва турли хасталиклардан азият чекаётгани ҳақида бонг урмоқда. Тинч аҳоли орасида қурбонлар cони ҳам кун сайин ошиб бормоқда.