Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 24-турида “Динамо” “Локомотив”га қарши баҳс олиб борди. Учрашув “темирйўлчилар”нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашув “Локомотив” жамоасининг мессенжери орқали матнли трансляция қилиб борилган. ПФЛ ушбу трансляциядаги баъзи фикрлари сабабли “темирйўлчилар” жаримага тортилиши ҳақида хабар берди.
Матнли трансляция давомида учрашув расмийларига нисбатан очиқдан-очиқ ноҳақ фикрлар билдирилди. “Суперлига ва Пролига регламенти”да ҳакамликка нисбатан эътироз билдириш тартиби учун алоҳида боб ажратилган бўлиб, унда бу иш қандай амалга оширилиши батафсил тушунтирилган. Шунга қарамай, “Локомотив” клуби ҳакамлик юзасидан ҳеч қандай расмий шикоят киритмаган. Бундан кўринадики, клуб матбуот хизмати ҳамда клуб раҳбариятининг ўйин юзасидан позицияси бир-биридан фарқ қилади.
Суперлига беллашуви жонли телетрансляция қилинади ва уни такрорий лавҳалар ёрдамида кузатиш имконияти мавжуд. Шунингдек, мазкур мусобақанинг ҳар бир учрашувида ВАР тизимидан фойдаланиб келинмоқда. “Динамо” — “Локомотив” учрашувида ВАР узилишларсиз фаолият олиб борган бўлиб, ундаги барча деталлар назорат остида бўлган.
“Лига томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун медиа йўриқнома”нинг 2.2-бандида клуб матбуот котиби расмий саҳифаларда эълон қилинган материаллар учун жавобгар эканлиги белгиланган. Лига “Локомотив” матбуот хизматининг хатти-ҳаракатлари юқорида кўрсатилган ҳар икки регламентга зид эканлигидан келиб чиқиб, клубга нисбатан жарима интизом чораси кўрилишини маълум қилади. Келгусида бу каби ҳолат такрорланса, матбуот котибига берилган Лига лицензияси қайтариб олинади ҳамда жамоа учун бошқа котибни Лига рўйхатидан ўтказиш талаб этилади.
ПФЛ баёноти