Бу ҳақда Литва Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Расмий баёнотга кўра, 3 майдан 23 майгача Германияга тегишли ҳарбий вертолётлар Литва ҳаво ҳудудида, куннинг ёруғ ва қоронғи пайтларида паст баландликда парвоз қилади.
Машғулотларда иштирок этиш учун Литвага тахминан 30 та Германия ҳарбий вертолёти юборилади. Жумладан, TIGER жанговар вертолётлари, NH90 транспорт вертолётлари, CH-53 оғир транспорт вертолётлари ҳамда EC135 енгил кўп мақсадли вертолётлари.
Улар Литванинг катта қисмини, шу жумладан, чегарага яқин ҳудудларни ҳам қамраб олган ҳолда учади. Айрим парвозлар жуда паст баландликда – тахминан 150 метрда амалга оширилади.
Маълумот учун, Griffin Lightning 2025 машғулотлари NATO'нинг “Шимоли-Шарқий Кўп Миллатли Корпуси” (Multinational Corps Northeast) томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий босқичлари Литва, Латвия, Польша ва Эстония ҳудудларида ўтади. Машғулотларнинг мақсади алянснинг минтақадаги мудофаа режаларини амалиётда синовдан ўтказиш ҳисобланади.