Литва ҳукумати Россия ва Беларусга нисбатан жорий этилган санкциялар амал қилиш муддатини 2027 йил охиригача узайтиришни тасдиқлади. Қарор вазирлар маҳкамаси томонидан маъқулланган.
Мазкур чекловлар 2023 йил апрелида қабул қилинган қонун асосида жорий этилган бўлиб, у Украина хавфсизлигига таҳдид солаётган давлатларга нисбатан миллий даражада санкциялар қўллашни назарда тутади. Илк бор ушбу қонун 2026 йил майигача амал қилиши белгиланган эди.
Ҳукумат таъкидлашича, санкцияларни узайтиришга минтақадаги кескин геосиёсий вазият, шунингдек, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш зарурати сабаб бўлган. Янгиланган қарор Литвага Россия ва Беларус фуқаролари ҳамда компанияларига нисбатан чеклов чораларини қўллашни давом эттириш имконини беради.