Россиялик пропагандачи Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари "ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўриши ва "ўз ўрнини билиши" кераклигини айтди
“Россия 1” телеканалида пропагандачи Владимир Соловьёв бошловчилигидаги “Вечер с Владимиром Соловьёвым” кўрсатуви эфирида меҳмон бўлган политолог Сергей Михеев минтақа давлатлари ташқи сиёсатини танқид қилиб, уларнинг тенг ҳуқуқли шериклик ҳуқуқини рад этди.
"Улар Россия барчамиздан қарздор деган фикрда, аслида Россия ҳеч кимдан қарздор эмас. Ҳа, бу постсовет мамлакатларига доимо бизни турли лойиҳалар билан шантаж қилишга имкон беради...
Биз шусиз ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб беряпмиз. Бу меҳнат миграциясига ҳам, биз кўрсатаётган ёрдамга ҳам ва бошқа кўплаб нарсаларга ҳам тааллуқли. Аммо доим биз қарздордекмиз. Менимча, хафа бўлманглар, аммо бундай оҳанг ҳозир Украина билан содир бўлаётган воқеаларнинг сабабларидан бирига айланганди", – деди Михеев.
Бошловчи Владимир Соловьёв гапга аралашиб, бу фикрни қатъийроқ шаклда билдиргани, “асаби чатоқлар” эса Россия элчисини чақиртиришганини айтди.
"Владимир, биласизми, улар нима учун бундай қизиққон? Чунки улар мен ҳақлигимни билишади.
Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб ҳам бор – биз уларни эркалатиб юборганмиз. Биз уларни эркалатиб юбордик. Улар ўз ўрнини билиши керак... Яна бир бор такрорлайман: биз шундоқ ҳам уларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилиб берганмиз", — деди Михеев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда кремлпараст пропагандачи Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирганди.
Бундан ташқари, 10 январ куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандачи Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.