Ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилганлиги ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан тегишли моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов жараёнида, 8 та вилоятда (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё) 1 200 нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилганлиги аниқланган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган, 9 нафари йўл транспорт ҳодисаси содир этгани оқибатда, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 3 нафари вафот этган.
Жиноят ишининг кенг ҳажмлилиги ва мураккаблигидан келиб чиқиб Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилди.
Ҳозирда сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда, тергов ҳаракатлари режалаштирилган тартибда давом этмоқда.
Барча фуқароларга шуни маълум қиламизки, ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозим. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.