«Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси МЛСнинг мунтазам мавсумида энг кўп гол урган футболчи сифатида “Олтин бутса” соврини билан тақдирланди. Аргентиналик юлдуз мукофотни плей-офф 1/8 финалидаги «Нэшвилл»га қарши учрашув олдидан қабул қилди.
Беллашув Флорида штатидаги Форт-Лодердейл шаҳрида жойлашган «Чейз Стэдиум»да бўлиб ўтмоқда. Ҳисоб — 2:0 «Интер Майами» фойдасига, голлардан бирини Месси урди.
38 ёшли форвард мунтазам мавсумда 28 ўйинда 29 гол киритиб, энг яқин таъқибчилари — «Лос-Анжелес» форварди Дени Буанга ва «Нэшвилл» ҳужумчиси Сэм Саррижни (улар 24 тадан гол урган) ортда қолдирди.
Месси 2023 йил ёзидан бери «Интер Майами» шарафини ҳимоя қилмоқда. Шу вақт мобайнида у барча мусобақаларда 82 та учрашувда майдонга тушиб, 71 та гол ва 37 та голли узатма муаллифи бўлди.
Transfermarkt маълумотига кўра, афсонавий футболчининг ҳозирги бозор баҳоси 18 миллион еврони ташкил этади.