“Миллий митинг” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Марин Ле Пен бош вазир Мишел Барнье билан муваффақиятсиз музокаралардан сўнг коалицион ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бу ҳақда BFMTV телеканали эфирида Барнье билан учрашувдан сўнг айтиб ўтган.
Ле Пеннинг таъкидлашича, бош вазир билан олиб борилган музокаралар унинг бюджет қисқартиришларини қайта кўриб чиқиш бўйича талабларини қондирмаган. Унинг таъкидлашича, муросага эришиш имконияти минимал даражада қолмоқда.
Ҳукумат харажатларини сезиларли даражада қисқартиришни ўз ичига олган 2025 йилги бюджет лойиҳаси ҳукмрон коалиция ва мухолифат ўртасида қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Агар Ле Пен ўз таҳдидига амал қилса, ҳукумат ишончсизлик вотумига дуч келади.
Унинг тушунтиришича, унинг партияси ҳукумат томонидан режалаштирилган электр энергияси солиқларини оширишни лойиҳадан чиқариб ташлашни талаб қилмоқда. Ле Пен, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарини бунинг учун Франция Конституциясининг 49.3-моддасидан фойдаланиб, парламентни четлаб ўтиб, бюджетни қабул қилишга уринишлардан огоҳлантирди.
Франция конституциясининг 49-моддаси 3-банди ҳокимият органларига қонунларни овоз беришсиз қабул қилиш имконини беради. Бироқ, агар бу қоида қўлланилса, Миллий Ассамблея 24 соат ичида ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилиш ҳуқуқига эга.