КХДР Россиянинг Украина билан урушида ўз қўшинлари иштирок этаётганини тасдиқлади.
Бу ҳақда Yonhap агентлиги Корея Марказий телеграф агентлигига таяниб хабар бермоқда.
"Қўшинлар КХДР етакчиси Ким Чен Ин буйруғи асосида, икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома доирасида юборилган. Украинанинг Россия Федерациясига тажовузкор бостириб киришини олдини олиш учун Курск вилоятини озод этиш бўйича операциялар муваффақиятли якунланди", дейилади Корея Марказий телеграф агентлиги хабарида.
26 апрел куни Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Курск вилоятидаги вазият ҳақида ҳисоботида, "Шимолий Корея ҳарбийлари минтақани озод этишда сезиларли ёрдам кўрсатганини" таъкидлаган эди. Герасимовнинг баёноти КХДР қўшинлари Россияга юборилганининг биринчи марта расмий тасдиқланиши бўлди.